15 Июл 2025 йил 605

“Қорадори-2025” тезкор тадбирлари доирасида Тошкент вилояти ИИББ томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан

Ички ишлар вазирининг фармойишига асосан, Республика бўйича, жумладан Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланишига, шунингдек уларни сақлаш, истеъмол қилиш, етиштириш ҳамда реализация қилиш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олишга қаратилган «Қорадори – 2025» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирнинг биринчи босқичи амалга оширилди.

Ушбу тадбир аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, мамлакатимиз фуқаролари саломатлигини муҳофаза қилиш, кучли таъсир қилувчи моддалар ва гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига чек қўйишга қаратилди.

Тадбир доирасида Тошкент вилоятида ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматлари жалб этилган ҳолда тизимли ишлар амалга оширилди. Гиёҳвандлик воситаларининг қатъий назорати ва ҳамкорликдаги ҳаракатлари натижасида қатор жиноятлар фош этилди.

Жумладан, тадбирнинг биринчи босқичи давомида 54 килограмм 190 грамм гиёҳвандлик моддалари ҳамда 19 минг 369 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари муомаладан олинди. Шунингдек, 7 минг 655 туп гиёҳвандлик ўсимликлари аниқланиб, белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Аниқланган жиноятларнинг 89 таси гиёҳванд моддаларни ўтказиш, 137 таси сақлаш, 147 таси етиштириш, 10 таси контрабанда бўлса, 26 таси кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатларни ташкил этди.

Ҳурматли фуқаролар!

Агар сиз гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ шубҳали ҳолатлардан хабардор бўлсангиз, дарҳол 102 қисқа рақами орқали ёки яқин орадаги ички ишлар органларига мурожаат қилишингизни сўраймизШунингдек, Telegram ижтимоий тармоғидаги «СТОПНАРКО» боти орқали ҳам мурожаат қолдиришингиз мумкин. Мурожаат этувчининг шахси тўлиқ сир сақланиши кафолатланади.

Тошкент вилоятида гиёҳвандликка қарши кураш тезкор, тизимли ва манзилли тарзда давом эттирилмоқда.

Text to speech