28 Ноябр 2024 йил 2901

Зўравонликка қарши 16 кун, хотин-қизлар учун психологик тренинг ва амалга оширилган ишлар таҳлили

Тошкент вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва ёш авлодда ватанга муҳаббат, касбга фидоийлик ҳиссини шакллантириш бўйича амал оширилган ишлар якунига бағишланган тарғибот тадбири — ҳисобот йиғилиши ўтказилди.

Тадбирда Тошкент вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходимлар, Академик лицей ўқувчи қизлари, ИИББ масъул раҳбарлари ва меҳмонлар иштирок этди.

Йиғилиш аввалида, 25 ноябрь куни "Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат" глобал кампанияси бошлангани ва бу ташаббус Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши кураш куни билан боғлиқ бўлиб, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликни барҳам бериш учун жамиятнинг барча қатламларини бирлаштириш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, ички ишлар органларидаги аёл ходимлар бу борада етакчи бўлиши, зўравонликка қарши курашни ўз хизмат вазифаси ва инсоний бурчи деб билиши кераклиги масъуллар томонидан айтиб ўтилди. Тадбир давомида бу йўналишдаги амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Сўзга чиққанлар, давлат раҳбари ташаббуси билан зўравонликка қарши тизимли ишлар жадаллаштирилганини, "Инсон қадри учун" тамойили асосида қонунлар такомиллаштирилгани ва жазо чоралари қатъийлаштирилганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Йиғилишда, шунингдек, ИИВ тегишли буйруқларининг ижроси ҳамда вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходимлар ўртасида тарбиявий, психологик ва ижтимоий-ҳуқуқий фаолиятни самарали ташкил этиш бўйича амалга оширилган тарғибот ишлари таҳлил қилинди ва келгуси режалар белгиланди.

Жараёнда психолог Шаҳноза Ташматова томонидан стрессни бошқариш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш, шунингдек, хотин-қизлар орасида учрайдиган муаммоли вазиятлардан чиқиш бўйича психологик машғулотлар ўтказилди.

Тадбир сўнгида, ИИОда узоқ йиллар муносиб хизмат қилиб, ёруғ юз билан фахрий мақомда эришган аёл ходимлар нафақага кузатилди.

Бундай тадбирлар ички ишлар органларида хизмат қилаётган аёл ходимларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, оилавий шароитларини ва хизмат фаолиятини яхшилашга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга.

Text to speech