27 Сентябр 2024 йил 5456

Жазо муассасасидан қайтган шахсларни ижтимоий мослаштириш юзасидан тадбирлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 28 август кунидаги ПФ-127-сонли Фармонига асосан, озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган ва қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган бир гуруҳ шахслар афв этилди. Афвга тушганлар орасида Тошкент вилоятида яшовчи 41 нафар маҳкум ҳам бор бўлиб, улар ҳудудий Ички ишлар бўлимларининг Пробация хизмати ҳисобига олинди.

Афв этилган фуқароларни ижтимоий мослаштириш, моддий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва мураббий бириктириш каби ишлар белгиланган. Бу чора-тадбирлар уларни қайтадан жиноят йўлига кириб қолишларини олдини олишга қаратилган.

Куни кеча Нурафшон шаҳар ҳокимлигида вилоят ИИББ ва бошқа мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида афв этилган фуқаролар билан учрашув ўтказилди. Учрашув давомида ҳар бир афв этилган шахс билан юзма-юз суҳбат ўтказилиб, уларнинг ижтимоий мослашув жараёнлари ва қайта жиноят содир этиш эҳтимолини камайтириш борасида профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлганларга субсидиялар ажратиш ва иш топиш истагида бўлганларни бандлиги билан таъминлаш борасида амалий ёрдам кўрсатиш чоралари ҳам белгилаб олинди.

Text to speech