15 Сентябр 2025 йил 39

Зангиотада кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласи фош этилди

Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Қорадори-2025” тадбири давомида 110 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари билан боғлиқ ҳолат аниқланди.

Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Қорадори-2025” тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи доирасида вилоят ИИББ, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Зангиота тумани ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний муомалага киритишга уринган шахс қўлга олинди.

Аниқланишича, тезкор кузатувга олинган Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро (1995-й.т. Ш.А.) бошқарувидаги “Траcкер” русумли автомашина Янги ҳаёт тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Текширув жараёнида автомашина салонидан жами 99 та конвалютада 988 дона “зардех” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаси топилган. Ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилган ушбу воситаларнинг “қора бозор”даги умумий қиймати қарийб 110 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251 прим 1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кучли таъсир қилувчи моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, сақлаш, ташиш ёки сотиш ҳолатлари учун 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Text to speech