Волейбол бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаси Тошкент вилояти босқичи якунланди
Мамлакатимизда спортни ривожлантириш, ёшларни спортга жалб этиш мақсадида секторларда бир қатор мусобақалар уюштирилиб, бу ёшларнинг имкониятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Ички ишлар вазирининг фармойишига биноан мактабнинг 11-синф ўқувчилари ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаси ўтказилмоқда.
Хабар берилганидек мусобақанинг туман-шаҳар ва минтақа босқичлари ўтказилиб, ғолиблар вилоят босқичига йўлланма олган эди. Кеча Нурафшон шаҳрида мазкур мусобақанинг вилоят ҳамда финал босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирни вилоят ички ишлар Бош бошқармаси бошлиғи Генерал-майор Тоҳир Арипов очиб бериб, иштирокчиларга омад тилади.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда мусобақа иштирокчилари бор маҳорат ва тажрибаларини ишга солиб ғолиблик учун курашдилар.
Якуний натижага кўра, ўғил болалар ўртасида 1-ўрин 2-минтақа (Олмалиқ шаҳар), 2-ўрин 1-минтақа (Бўстонлиқ тумани) ва 3-ўрин 3-минтақа (Бўка тумани)дан келган ўқувчилар жамоаси эгаллади.
Шунингдек, қизлар ўртасидаги мусобақада 1-ўрин 4-минтақа (Қуйи Чирчиқ тумани), 2-ўрин 2-минтақа (Пискент тумани) ҳамда 3-ўрин 3-минтақа (Бўка тумани) ёшлари қўлга киритди.
Биринчиликни эгаллаган жамоа вакиллари вилоят кубоги билан бирга мусобақанинг республика босқичига йўлланмани ҳам қўлга киритишди.
Мусобақа сўнгида ғолибларга Тошкент вилояти ИИББнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари топширишди. Бундан ташқари биринчиликни эгаллаган икки жамоа Бош бошқарма бошлиғининг ташаббуси билан Самарқанд вилоятига саёҳатга борадиган бўлди.
ИИББ Ахборот хизмати