Уч нафар қидирувдаги шахс ушланди
Тошкент вилоятида ўтказилаётган “Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбирлари давомида ЙПХ инспектори томонидан 3 нафар қидирувдаги шахс аниқланди.
Жорий йилнинг 9 ноябрь куни Янгийўл шаҳрида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори сафдор M.Muratov қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Унга нисбатан электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, 1982 йилда туғилган A.R. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) жиноятни содир этганликда айбланиб, суд томонидан «қамоқ» эҳтиёт чораси белгиланишига қарамасдан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан қочиб юрганлиги аниқланган.
Шу каби, 15 ноябрь куни Паркент туманида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори сафдор S.Yunusov пиёда B.S. ни қоидабузарлик содир этганлиги учун тўхтатиб, электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида у ҳам қидирувда эканлиги аниқлаган. Паркент тумани ИИБ томонидан олиб борилган суриштирувга кўра, Фарғона вилоятида яшовчи ушбу шахс Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) жиноятни содир этганликда айбланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан қочиб юрган.
Яна бир ҳолатда 18 ноябрь куни ЙПХ инспектори сафдор S.Yunusov Паркент туманида хизмат олиб бораётган вақтида қоидабузарлик содир этган пиёдани тўхтатган. Қоидабузарлиги юзасидан электрон тартибда маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида, мазкур фуқаро ҳам қидирувда эканлиги аниқланган. Суриштирувларга кўра, Фарғона вилоятида яшовчи 1996 йилда туғилган L.K. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасида кўрсатилган бир неча жиноятни содир этиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан қочиб юрганлиги аниқланган.
Ушланган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида улар ҳудудий ИИБга олиб борилган.
ИИББ Ахборот хизмати