6 Феврал 2025 йил 3444

Тунги хизматдаги ИИБ ходимлари томонидан ўғрилик жинояти «иссиқ изи»дан фош этилди

Тошкент вилоятида ўтказилаётган «Хавфсиз ҳудуд» кенг кўламли тезкор профилактик тадбирлари доирасида ички ишлар органлари томонидан жиноятларни фош этиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида қатор тадбирлар ўтказилмоқдаХусусан, Оҳангарон туманида жойлашган Чинор ЙПХ масканида тунги хизматга жалб қилинган ИИО ходимлари томонидан қора мол ўғирлиги фош этилди.

Аниқланишича, ИИО ходимлари томонидан тўхтатилган «Дамас» русумли автомашина салонида бир бош қора мол, ҳайдовчи ва икки нафар шахс бўлган. Суриштирув давомида улар қора молни Бўка туманидан сотиб олганини маълум қилган бўлсада, аммо ходимлар ҳушёрликни йўқотмасдан ҳолатга ойдинлик киритган.

Суриштирув натижасида, қиймати 7 млн сўм бўлган ушбу қора молни Андижон вилоятида яшовчи 22 ёшли уч нафар шахс (Ш.О., Б.А. ва С.Й.) Бўка тумани «Янгибоғ» маҳалласидан ўғирлагани аниқланган. Улар ярим тунда хонадон молхонасига яширинча кириб, ўриндиқлари ечилган ва олдиндан тайёрланган «Дамас» автомашинаси салонига жойлаштирган ҳолда олиб кетаётган бўлган.

Дастлабки тергов давомида, ушбу шахсларнинг аввалроқ ҳам шу усулда қиймати 19 миллион сўм бўлган икки бош қора молни яширинча олиб кетгани, молларни сотиб пулини шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани ҳамда улардан бири ўтган йилда мазкур маҳаллада ёлланма ишчи сифатида ишлагани ва ҳудудни яхши билгани аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Бўка тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2 ва 3-қисмлари асосида жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech