Тунда фуқароларнинг мол-қўйларини ўғирлаётган бир гуруҳ шахслар ИИБ ходимлари томонидан фош этилди
Тошкент вилояти ИИББ ва унинг қуйи тизимлари томонидан вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни барвақт олдини олиш, жиноятларни “иссиқ изидан” фош этиш мақсадида ходимларнинг тунги хизмат фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб патруллик гуруҳларининг ҳушёрлиги оширилган.
Жумладан, 23 август куни Бўка тумани ҳудудида содир этилган ўғирлик ҳудудда ўтказилаётган «Тун» тадбири давомида “иссиқ изидан” фош этилди.
Аниқланишича, шу куни соат тунги 01:00 ларда «Ровот» МФЙ ҳудудидан ўтаётган «Дамас» автомобили шу ҳудудда тунги хизматда бўлган туман ИИБ профилактика инспектори ва тезкор ходими томонидан тўхтатилган.
Автомобилда бўлган тўрт нафар шахс билан ўтказилган суҳбат давомида, улар (20-40 ёшлардаги шахслар) ўзларини ноодатий тутишлари ходимларда шубҳа уйғотган.
Шундан сўнг уларнинг йўналишлари, қаердан қаерга кетаётганлиги юзасидан суриштирув ўтказилади. Шу тариқа ушбу шахслар айни дамда шу маҳаллада яшовчи фуқаро хонадонидан бир бош қўйни ўғирлаб, танишининг уйига яшириб келаётганлиги фош этилган. Шахслар гумонланувчи сифатида ишга жалб қилинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат ва шу каби бошқа ҳолатларга уларнинг алоқадорлиги бўйича қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
ИИББ Ахборот хизмати