17 Октябр 2025 йил 36

«Тоза маҳалла – соғлом муҳит»: Тошкент вилоятида кенг кўламли ободонлаштириш ва тозалаш ишлари амалга оширилмоқда

Мамлакатимиз бўйлаб эълон қилинган тозалик ва ободонлаштириш ойлиги доирасида Тошкент вилоятида кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бу жараёнда республика идоралараро гуруҳлари ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарлигидаги махсус штаб фаолият юритмоқда. Вилоят бўйича 22 та шаҳар ва туманда жами 44 та «экологик патруль» гуруҳлари ташкил этилган.

«Тоза маҳалла – соғлом муҳит» тамойили асосида ўтказилаётган тадбирларга 10 мингга яқин ходим ва жамоатчилик вакиллари, 236 та махсус техника жалб этилди. Бир кунда 82 та маҳаллада умумхалқ ҳашарлари ўтказилиб, 1 192 тонна чиқинди чиқарилди, 61 километр ариқ ва каналлар тозаланди.

Шу билан бирга, экопатрул гуруҳлари томонидан 840 га яқин экологик ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланди. Улар асосан чиқинди ташлаш, ҳаво ёки сувни ифлослантириш, ноқонуний қазиш ишлари билан боғлиқ.

Масалан, Бекободда ноқонуний металл қазиш, Юқори Чирчиқда рухсатсиз қум-шағал олиш, Янгийўлда дарё бўйига чиқинди тўкиш ҳолатлари фош этилди. Аниқланган ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилиши таъминланди.

Шунингдек, мактаб, боғча ва шифохоналарда санитария ҳолати ўрганилиб, 500 га яқин аниқланган камчилик бартараф этилди. Ободонлаштириш ишлари доирасида мингга яқин дарахт кўчатлари экилиб, мавжудлари оқланди ва шакл берилди. Ёритиш чироқлари ҳамда кузатув камералари янгиланди.

Бу йўналишдаги амалий тадбирлар аҳоли учун тоза ва соғлом муҳит яратиш мақсадида изчил давом эттирилмоқда.

Text to speech