Тошкент вилоятининг 349 ta маҳалласида умуман жиноят содир этилмади
Тошкент вилояти ИИББ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси томонидан 2021 йил давомида фуқаролар тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, аниқлаш ва фош этиш борасида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.
Жумладан, тезкор-профилактик тадбирлар натижасида йил давомида содир этилган жиноятнинг 319 таси шахсан профилактика инспекторлари томонидан фош этилган. Шунингдек, инспекторлар томонидан 66 нафар қидирувдаги шахс ушланиб, 32 нафар бедарак йўқолганлар топилди.
Маҳалла, корхона ва муассасаларда ўтказилган жиноят муҳокамаси ва олиб борилган сай-ҳаракатлар натижаси вилоятдаги 1 014 та маҳалланинг 34,4 фоизи ёки 349 тасида умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмаган бўлса, 265 тасида барқарорлик сақланиб, камайишига эришилди.
Жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган 37 198 нафар шахс профилактик ҳисобга олинган бўлиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида соғлом турмуш тарзига қайтган 24 370 нафар шахс профилактик ҳисобдан чиқарилди.
Соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчи, ичкиликка ружу қўйган, гиёҳванд ва тажовузкор руҳий-касаллиги бўлган шахсларнинг 3 085 нафари ёки 72 фоизи даволаниш учун тиббий муассасасига жойлаштирилди.
Йил давомида кучли алкоголь мастлик ҳолатида бўлган 1 907 нафар шахс тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида тиббиёт муассасасига олиб борилган бўлса, уларнинг 396 нафари суд қарорига асосан мажбурий даволаниши таъминланди.
ИИББ Ахборот хизмати