Тошкент вилоятида тинчлик ва осойишталикни таъминлаш бўйича кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда
Тошкент вилояти ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, фуқаролар тинчлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасида ҳамкорликда қўшма қарор қабул қилиниб, унинг ижроси юзасидан ишлар бошланди.
Жумладан, бугун Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари, генерал майор Бекмурод Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур тадбирлар доирасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, ПҚ-1-сон қарор ижроси ҳолатини манзилли ўрганди.
Вазир ўринбосари Олмалиқ шаҳрининг «Ойдин» маҳалласи ҳамда 16-сонли маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканида ИИО томонидан олиб борилаётган фаолият билан танишди.
Жараёнда «ижтимоий профилактика»га муҳтож аҳолининг муаммоларини ҳал этиш, оилавий низолар оқибатидаги жиноятларнинг олдини олиш, маҳаллаларда оғир ва ўта оғир жиноятларга чек қўйиш ҳамда осойишталикни таъминлаш бўйича барча ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган профилактик чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Шу билан бирга, масъул ходимларнинг ҳисоботлари ва хизматни самарали ташкил этиш бўйича таклифлари тингланди. Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли топшириқлар берилиб, хизмат самарадорлигини ошириш ва тезкор вазиятни барқарор сақлашга қаратилган кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Олмалиқ шаҳар ИИБда тезкор-профилактик тадбирларни юқори савияда ташкил этиш юзасидан йўриқнома ўтказилиб, барча куч ва воситалар хизматга жалб қилинди.
Жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида тезкор-профилактик тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.