Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан шаҳар-туман ҳокимлари ҳар ойда профилактика инспекторлари билан шахсан учрашиб, ҳудудларда жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида аниқланган муаммоли масалаларни ҳал қилиш чораларини кўриши белгилаб берилган.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш ҳамда вилоят ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда юзага келаётган муаммоли масалаларга ечим топиш мақсадида, жойларда «Тошкент вилояти ҳокими ва профилактика инспекторлари учрашуви» ташкил этиб келинмоқда.
Жумладан, навбатдаги «Ҳоким ва инспекторлар учрашуви» вилоятнинг Юқори Чирчиқ туманида бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, вилоят прокурори Азамат Мирзаев, ИИББ бошлиғи Тоҳир Арипов ҳамда вилоятнинг 1-минтақавий ҳудуди бўйича профилактика инспекторлари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида хизмат вазифасини виждонан бажариб, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликни олдини олишда жонбозлик кўрсатган, намунали инспекторлар алоҳида эътироф этилиб, уларнинг ота-оналарига ташаккур эълон қилинди ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбирнинг асосий қисмида, профилактика инспекторлари томонидан мавжуд саволлар ҳамда муаммоли вазиятлар юзасидан таклиф ва уларнинг қисман ечимлари ўртага ташланди.
Долзарблиги жиҳатдан фуқароларнинг ижтимоий муаммолари, ажрим ёқасидаги оилалар, ишсизлик, мактаб ўқувчилари ва ота оналарнинг ўзаро муносабатлари, ҳудудларни камералаштириш, тунги ёритгичлар, таъмирга муҳтож йўллар ва бошқа муаммоли саволлар ва таклифлар янгради.
Инспекторларни тинглаган вилоят ҳокими кўтарилган муаммоларнинг деярли барчаси ўринли эканлигини таъкидлаб, ечим ва ижроси назоратга олганини, айрим муаммолар юзасидан қонун чиқарувчи органларга таклиф киритилишини маълум қилди.
Учрашув давомида 50 йилдан ортиқ вақт мобайнида ички ишлар органларида хизмат қилган, истеъфодаги генерал майор Сайфулла Асадов сўзга чиқиб, маҳаллаларда фаолият юритиб келаётган профилактика инспекторлари бугунги кунда энг самарали ишлаб келаётган тизим эканини, билдирилаётган савол ва таклифлар ҳам аҳолининг ижтимоий ҳаётида ўрни нечоғлик муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, вилоят прокурори, Азамат Мирзаев сўзга чиқиб, жамоат тартиби ва фуқаро хавфсизлигини сақлашда, хизмат вазифаларни сидқидилдан бажараётган инспекторлар чинакам халқ вакили эканини ҳамда вилоят ИИО ходимлари мисолида халқчил тизимни кўрганини билдирди.
Тадбирга вилоят ИИББ бошлиғи якун ясади ва ходимларимиз билдирилган ишончни оқлаб, ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилишда давом этишига ишонч билдирди.
ИИББ Ахборот хизмати