Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи Абдувосит Абдуразаков Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси, Тошкент вилояти бўйича раиси этиб сайланди
Юртимизда спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом ва баркамол авлод сифатида вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Шу мақсадда жисмоний тайёргарликни ошириш ва спорт турларини оммалаштириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан бугун Тошкент вилояти ИИББда Аралаш жанг санъатларини янада ривожлантириш ва оммалаштиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Тадбирни вилоят ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков очиб, кун тартибидаги масалалар юзасидан иштирокчиларни таништирди.
Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциациясининг Тошкент вилояти бўйича раҳбариятини шакллантириш ва унга раис сайлаш масаласи кўриб чиқилди. Сайлов жараёнида вилоят спорт масъуллари, делегатлар, спортчилар ҳамда ҳудудий ички ишлар бўлимлари раҳбарлари иштирок этди.
Натижага кўра, вилоят ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков Ассоциациянинг Тошкент вилояти бўйича раиси, полковник Артиқ Худойберганов раиснинг биринчи ўринбосари, Рашид Субхонов ижрочи директор ҳамда Фурқат Худойқулов котиб этиб сайланди.
Кун тартибидаги иккинчи масала доирасида эса мазкур йўналишни янада ривожлантириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, ҳар бир туман ва шаҳарда зарур шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, аралаш жанг санъати мураббийларининг спорт мактаблари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш, ҳудудларда янги октагонлар ташкил этиш ҳамда мусобақаларда мухлислик клублари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Йиғилиш якунида полковник Абдувосит Абдуразаков томонидан масъул раҳбарларга Ўзбекистон Аралаш жанг санъатлари ассоциацияси раиси Азиз Ташпулатов томонидан белгиланган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.