Тадбир давомида қатор жиноий ҳолатларга чек қўйилиб, қонун устуворлиги таъминланди.
Жумладан, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларга қарши кураш йўналишда ўтказилган тадбирлар натижасида 266 та ҳолат аниқланиб, жами 123,8 кг гиёҳванд ва психотроп моддалар ноқонуний муомаладан чиқарилди. Бу орқали минглаб инсонларнинг ушбу зарарли моддалар билан заҳарланишининг олди олинди.
Хусусан, 12 февраль куни Чиноз туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Қашқадарё вилоятида яшовчи, 1993 йилда туғилган шахс 398 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситасини автомашинада яширинча олиб кетаётган вақтида қўлга олинди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Шу каби, қидирувдаги шахсларни аниқлаш йўналиш бўйича суд ва тергов органларидан яширинган ҳамда бошқа сабабларга кўра қидирувда бўлган 168 нафар шахс қўлга олинди. Шулардан 6 нафари хорижий давлатлардан экстрадиция қилинди. Бундан ташқари, 65 нафар бедарак йўқолган шахс топилиб, оила аъзоларига қайтарилиши таъминланди.
Одам савдосига қарши ўтказилган тадбирлар давомида, аёл ва қизларни шаҳвоний мақсадда Ўзбекистон ташқарисига олиб чиқмоқчи бўлган 8 нафар шахс далилий ашёлар билан ушланди. Натижада 5 нафар аёл одам савдоси қурбонига айланишининг олди олинди. Хусусан, 2006 йилда туғилган қизни Туркияга ноқонуний равишда олиб чиқмоқчи бўлган, Олмалиқ шаҳрида яшовчи 1998 йилда туғилган аёл Тошкент халқаро аэропортида қўлга олинди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Шунингдек, ахлоқ ва соғлиққа қарши жиноятлар билан курашиш йўналишида орттирилган иммун танқислиги синдроми (ОИТС)ни тарқатиш билан боғлиқ 13 та ҳолат аниқланиб, ушбу шахсларга нисбатан қонуний ҳуқуқий чора кўрилиши натижасида, ушбу шахсларнинг бошқа фуқароларга инфекция юқтиришининг олди олинди. Шунингдек, тадбир давомида қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш билан боғлиқ 85 та, фоҳишалик билан шуғулланиш бўйича эса 16 та ҳолат фош этилиб, барчасига нисбатан тегишли тартибда қонун устуворлиги таъминланди.
Шу каби, уюшган жиноятчиликка қарши кураш доирасида ноқонуний қурол сақлаш, товламачилик ва қиморхона ташкил қилиш билан боғлиқ 27 та жиноий ҳолат аниқланди. Барча гумонланувчиларга нисбатан қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонун устуворлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш ва юрт осойишталигини мустаҳкамлаш мақсадида бу каби чора-тадбирлар изчил давом эттирилади.