Тошкент вилояти ИИББ раҳбарияти янги ўқув йили тадбирларида иштирок этди
Ҳар йили мамлакатимиз бўйлаб сентябрь ойининг бошида «Биринчи қўнғироқ» байрам тадбирлари кенг нишонланади. Шу муносабат билан бугун, 2 сентябрь куни Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи ўринбосари, подполковник Асилбек Раҳмонов Қибрай туманидаги 6-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, «Билимлар куни» байрамида иштирок этди.
Тадбир давомида у мактабнинг педагогик жамоаси, ўқувчи-ёшлар ва ота-оналарни Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши билан самимий табриклади. Шу куни мактабга илк қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларига Президентимиз томонидан тайёрланган совғалар – ўқув қуроллари жамланмаси топширилди.
Шунингдек, подполковник Асилбек Раҳмонов «Мустақиллик дарси»да қатнашиб, битирувчи синф ўқувчилари билан суҳбатлашди. У ёшларга истиқлол йилларида мамлакатимизда эришилган улкан ютуқлар, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Ёшларга чуқур билим олиб, аждодларга муносиб фарзанд бўлиш, мамлакат тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишлари зарурлигини таъкидлади.
Байрам тадбири ўқувчиларнинг куй-қўшиқлари, шеърлари ва чиқишлари билан янада кўтаринки руҳда ўтди.