Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи томонидан Бекобод ва Бўка туманлари ИИБ фаолияти ўрганилди
Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков томонидан 3-минтақавий марказга кирувчи Бекобод ва Бўка туманларида ички ишлар органлари фаолияти, жиноятчилик ҳолати ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганиш давомида криминоген вазият таҳлил қилиниб, жиноятчилик юқори бўлган ва «қизил» тоифага кирувчи маҳаллаларда олиб борилаётган профилактик ишлар муҳокама қилинди. Жиноятга мойил шахслар билан манзилли ишлаш, муқаддам судланганлар ва назоратдаги фуқаролар устидан назоратни кучайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, хизмат хоналари, навбатчилик қисмлари ва мавжуд моддий-техник база билан танишиб, ходимларга яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Хизмат интизоми ва фуқаролар билан мулоқот маданияти масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудуд хусусиятлардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган таклифлар ҳам кўриб чиқилди. Жиноятчиликнинг олдини олишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаолларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, давлат раҳбарининг (ПҚ-1-сон) қарори асосида видеокузатув тизимларини кенг жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Ўрганиш якунида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва хизмат фаолиятини яхшилаш бўйича кўрсатмалар берилиб, ижроси назоратга олинди.