25 май — Сўнги қўнғироқ! Ўқувчилар орзиқиб кутган, кўпинча байрам сифатида нишонланадиган кун. Аммо айримлар учун бу кун байрам эмас, жиноят ва оғир оқибатлар билан тугаши ҳам мумкин.
Хусусан, жорий йилнинг 16 апрель кунидан 17 апрель кунига ўтар кечаси, Ангрен шаҳри «Нурчи» маҳалласида номаълум шахс «Дамас» русумли автомашинадан пул маблағлари ўғирлангани ҳақида ҳудудий Ички ишлар бўлимига хабар келиб тушган. Ҳолат ўрганилиб, тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор чоралар натижасида бу қилмишни 15–17 ёшдаги тўрт нафар мактаб ўқувчи содир этгани аниқланиб, фош этилди ва улар процессуал тартибда ушланди. Дастлабки тергов давомида гумонланувчилар ушбу ўғирланган пулларни мактаб битирув кечаси учун керак бўлган харажатларни қоплаш мақсадида олганини билдирган.
Шу ўринда барча ота-оналарни яна бир бор огоҳликка чақирамиз!
Фарзандларингизнинг ҳаёт тарзи, мактабдаги ҳолати, кимлар билан муомалада экани, интернетдаги фаолияти ва молиявий эҳтиёжларига эътиборли бўлинг.
Бу каби ҳолатлар барчамизни бирдек ўйлантириши керак. Чунки, битирув кечалари ва шу каби тадбирлардаги ортиқча харажатлар, «бошқалардан қолмаслик» ҳисси, моддий босим — айрим ўқувчиларни жиноятга бошламоқда.
Азиз ўқувчилар!
Бир қарашда оддий бўлиб туюлган ноқонуний ҳаракат — келажакда таълим олиш, ишга жойлашиш ёки ҳаётда ўзига яраша муваффақиятга эришишда сиз учун жиддий тўсиққа айланиши мумкин. Унутманг, ҳар қандай ноқонуний ҳаракат ёки ҳаракатсизлик жавобгарликка сабаб бўлади.