Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида навбатдаги маърифий тадбир ўтказилди
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида навбатдаги маърифат соати ўтказилди. Тадбир буюк саркарда ва давлат арбоби, Ўрта аср Шарқ тарихининг йирик сиймоси Амир Темур таваллудининг 689 йиллиги муносабати билан ташкил этилди.
«Биз – ким, мулки Турон амири, Туркистонмиз» мавзусида ташкил этилган тадбир доирасида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ходими, шоир Жамшид Акбаров иштирок этди. У ўзининг маърузаси орқали Амир Темур шахсияти, унинг давлат бошқарувидаги доно сиёсати, адолат ва тартибга асосланган қарашлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, шоирнинг ижод намуналари ўқиб эшиттирилди, тарих ва бугуннинг муштарак жиҳатлари ҳақида фикр юритилди.
Тадбир давомида шахсий таркибга коррупцияга қарши курашиш мавзусида махсус тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Мазкур ролик орқали коррупция иллатининг жамият ҳаётига салбий таъсири, унга қарши курашишда ҳар бир ходимнинг масъулияти ёритиб берилди.
Маънавият ойлиги доирасида ташкиллаштирилган «Китоб ярмаркаси» ҳам тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ярмаркада турли жанрдаги асарлар, шу жумладан, ватанпарварлик, тарихий ва бадиий адабиётлар тақдим этилди. Ходимлар ўзлари учун маънавий озуқа манбаи бўлган китобларни танлаб олиш имконига эга бўлишди.
Мазкур маърифат соати шахсий таркибнинг тарихий меросга бўлган ҳурматини мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши иммунитетни кучайтириш ҳамда китобхонлик маданиятини тарғиб этиши билан аҳамиятли бўлди.