31 Август 2025 йил 234

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаковнинг Мустақиллик айёми муносабати билан байрам табриги

Азиз ҳамкасблар, қадрли фахрийлар, ҳурматли юртдошлар! Сизларни Мустақил Ўзбекистонимизнинг энг улуғ ва энг азиз айёми – Давлат мустақиллигининг 34 йиллиги билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман! 

Мустақиллик йилларидан бошлаб юртимиз барча соҳаларда улкан ютуқларга эришди ва эришиб келмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, «Инсон қадри учун» деган эзгу тамойил амалий ҳаётимизга чуқур кириб, тараққиётимизнинг бош мезонига айланди. Ички ишлар органлари ҳам ана шу юксак ғояга содиқ қолган ҳолда, халқимиз осойишталиги ва хавфсизлиги йўлида фидокорона хизмат қилиб келмоқда.

Шу ўринда, юрт осойишталиги йўлида жон фидо қилган мард ўғлонларимизни чуқур ҳурмат билан ёд этиб, уларнинг оилаларига самимий эҳтиромимни билдираман.

Бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жамоат тартибини таъминлаш йўлидаги барча ютуқлар – мардона хизматлар самарасидир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ички ишлар органлари нафақат моддий-техник, балки маънавий-маърифий ва касбий жиҳатдан ҳам янги босқичга кўтарилди. Тизимда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида замонавий билимларга эга, Ватанга содиқ, халқ ишончини оқлай оладиган янги авлод ходимлари шаклланмоқда.

Мард ва фидойи ходимларимиз, сизларнинг фидокорона хизматларингиз юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдеворидир.

Улуғ байрам муносабати билан барчангизга мустаҳкам соғлиқ, куч-ғайрат, оилаларингизга тинчлик ва фаровонлик, шарафли хизматларингизда улкан зафарлар тилайман.

Абдувосит Абдуразаков,
Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, полковник.

Text to speech