Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида Мустақиллик байрами тантанали нишонланди
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирни Бош бошқарма бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков очиб, шахсий таркибни Мустақиллик байрами билан самимий табриклади. Шунингдек, Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб эшиттириб, ходимларга шарафли ва масъулиятли фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилади.
Президент фармонига мувофиқ, Чиноз тумани ИИБ ходими, подполковник Ўткир Наржигитов «Шуҳрат» медали билан тақдирлангани алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги томонидан 32 нафар ходим «Бенуқсон хизматлари учун», «Аъло хизматлари учун», «Ички ишлар органларининг фахрий ходими» кўкрак нишонлари, «Фахрий ёрлиқ», «Эсдалик қўл соати» ҳамда бошқа мукофотлар билан тақдирланди. Бир нафар ходимга китоблар жамланмаси топширилди.
Тадбирда Ички ишлар органлари фахрийлари, ИИО лицейи ўқувчилари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди. Фахрийлар сафидан бири нафари «Ички ишлар органларининг фахрий ходими» кўкрак нишони билан, яна бири эса вазирликнинг эсдалик қўл соати билан мукофотланди.
Вазирлик буйруғига асосан, яна бир ходимга рағбат тариқасида «подполковник» махсус унвони берилди. Шунингдек, тадбир якунида вилоят ИИОда хизмат вазифаларини виждонан адо этиб, юқори натижаларга эришган 500 нафарга яқин ходим пул мукофоти билан рағбатлантирилгани эълон қилинди.
Мукофотларни топшириш жараёнида Бош бошқарма бошлиғи ходимларнинг фидокорона меҳнати ва эришаётган ютуқлари бутун жамоага ўрнак бўлишини таъкидлаб, уларни бундан кейин ҳам юксак натижаларга эришишига ишонч билдирди.