Тошкент вилояти бўйлаб барча мактабларда ўқувчилар, ота-оналар ва мактаб раҳбарлари иштирокида профилактик учрашувлар ўтказилди. Эртага йилнинг 24 май куни Тошкент вилоятидаги 900 га яқин мактабда «Сўнги қўнғироқ» тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.
Ушбу тадбирларни тинч, осойишта ва хавфсиз муҳитда ташкил этиш мақсадида Тошкент вилояти ИИББ томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, барча мактабларда ўқувчилар ва масъуллар иштирокида тушунтириш, профилактик ва тарғибот учрашувлари ўтказилди.
Афсуски, статистик маълумотларга кўра, республика бўйлаб айнан «Сўнги қўнғироқ» куни ўқувчилар томонидан транспорт воситаларини бошқариш билан боғлиқ ҳолатлар натижасида ўнлаб йўл-транспорт ҳодисалари рўй берган.
Ушбу ҳодисаларда ўқувчилар турли даражада тан жароҳати олган ва юздан ортиқ транспорт воситаси техник шикастланган.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва вояга етмаган шахсларнинг ЙТҲда иштирок этишининг олдини олиш мақсадида Тошкент вилоятида ўтказилган назорат-рейд тадбирлари доирасида охирги 10 кун мобайнида 14 нафар мактаб ўқувчисининг транспорт воситасини бошқаргани аниқланган.
Ачинарли жиҳати шундаки, айрим ҳолатларда вояга етмаган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ўқувчиларга ота-оналарнинг ўзлари автомобиль калитини топширганлар.
Эслатиб ўтамиз, «Сўнги қўнғироқ» тадбирлари вақтида ҳар бир мактабга ички ишлар органлари ходимлари бириктирилади. Улар томонидан ўқувчиларнинг автомобиль бошқариш ҳолатларини аниқлаш ва турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан мунтазам назорат ишлари амалга оширилади.
Тошкент вилояти ИИББ барча ота-оналарни ўз фарзандларига эътиборсиз бўлмасликка, қонунбузарликка йўл қўймасликка ва вояга етмаган шахсларга транспорт воситасини бошқариш имконини бермасликка чақиради.