1 Феврал 2025 йил 2930

Тошкент шаҳрига гиёҳвандлик воситаларини етказиб берувчи йирик нарколаборатория фаолиятига чек қўйилди

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда Чирчиқ шаҳар Ички ишлар бошқармаси тезкор ходимлари томонидан, Пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳрига гиёҳвандлик ва кучли таъсир қилувчи моддаларни етказиб берувчи йирик нарколаборатория ва омборхона фаолиятига чек қўйилди.

Тадбир давомида қора бозордаги қиймати 10 миллиард сўмга тенг бўлган 26 кг кучли таъсир қилувчи дори воситаси далилий ашё сифатида олинди. «Хавфсиз ҳудуд» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда, 1998 йилда туғилган шахс жуда кўп миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини интернет орқали, контактсиз манзил усулида (яъни «закладка» кўринишида) сотиш мақсадида сақлаб келгани аниқланган.

Хонадонни кўздан кечириш давомида дастлабки оғирлиги 26 кг бўлган (прегабалин) кучли таъсир қилувчи модда ҳамда турли кимёвий воситалар далилий ашё сифатида расмийлаштирилди. Аниқланишича, ушбу шахс интернет орқали гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи гуруҳнинг омборчиси, бошқача айтганда, «складмен» сифатида фаолият юритиб келган ва у наркокурерларга катта миқдордаги дори воситаларини етказиб бериш билан шуғулланган.

Ўтказилган тезкор тадбир натижасида 80 минг дона капсулада сотилиши режалаштирилган гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи дорилар ишлаб чиқарилишининг олди олинди. Ҳозирда ушбу дори воситаларининг асосий манбасини аниқлаш бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Text to speech