Тиббиёт ходимларининг касб байрами муносабати билан байрам табриги
Қадрли тиббиёт ходимлари!
Сизларни, сизлар орқали барча соҳа вакилларини касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан самимий қутлаймиз.
Айниқса, икки касбни бир масъулият билан олиб бораётган Ички ишлар органлари тиббиёт бирлашмаларида, хусусан, Тошкент вилояти ИИББ Тиббиёт бўлимида хизмат қилаётган соҳа вакиллари, ҳар қандай вазиятларда ҳам ходимлар саломатлиги учун курашиб, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиб келаётганликлари алоҳида эътирофга лойиқ.
Жумладан, пандемия даври бутун дунё тиббиёт ходимлари учун синовли ва машаққатли бўлди. Коронавирус туфайли юзага келган мураккаб эпидемиологик вазият шифокорлар зиммасига катта масъулият юклади.
Шундай мураккаб ва синовли кунларда ўз ҳаётингиз ва соғлиғингизни хавф остига қўйиб, касалликнинг тарқалишини олдини олиш билан бирга, юртимизда санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш ишларида муносиб ҳиссангиз бор.
Ходимларимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, уларга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш борасида ҳам фидойилик намуналарини кўрсатиб келмоқдасиз. Бу каби масъулиятли касбда сиздек жонкуяр ва фидойи тиббиёт ходимларимизнинг ўрни беқиёсдир.
Фурсатдан фойдаланиб, сизларни, Тошкент вилояти ИИББнинг кўп сонли шахсий таркиби номидан яна бир бор самимий табриклаб, сизларга мустаҳкам соғлик ва тинчлик-хотиржамлик, масъулиятли ва шарафли ишларингизга улкан зафарлар тилаймиз.
Тошкент вилояти
Ички ишлар бош бошқармаси