7 Июл 2022 йил 868

Терговчилар бу - тизим "заргарлари" – ИИББда уч авлод учрашуви ўтказилди

Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Алишер Шарафутдинов, Генрал-майор Сайфулла Асадов ҳамда Тошкент вилояти прокуратураси, ИИББ раҳбарияти ва терговчи ходимлар иштирок этди. Жараёнда Шарафутдиновнинг тергов амалиёти учун қўлланма китоби тақдимоти ўтказилди.

Бугун, 7 июнь куни Тошкент вилояти ИИББ мажлислар залида вилоят прокуратураси ва вилоят ички ишлар органлари тизимида хизмат қилиб келаётган терговчи ходимлар иштирокида уч авлод учрашуви ташкил этилди.

Учрашувда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, истеъфодаги полковник Алишер Шарафутдинов, ИИББ бошлиғи маслаҳатчиси истеъфодаги генерал-майор Сайфулла Асадов ҳамда Тошкент вилояти прокурори 1-ўринбосари Абдуҳамид Камилов, ИИББ Тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари полковник Дониёр Ташхўжаев ва бир гуруҳ терговчи ходимлари иштирок этди.

“Тергов амалиёти: муаммолар, таҳлил ва ечимлар” мавзусида бўлиб ўтган учрашувда сўзга чиққанлар, прокуратура ва ички ишлар тизимидаги мавзуга оид амалий мисоллар ва рақамларга тўхталди.

Шунингдек, сўзга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Алишер Шарафутдинов ўзининг тергов амалиётидаги кўп йиллик фаолияти у дуч келган тўсиқлар ва уни енгишдаги муваффақиятлар ҳамда бугунги амалиётда учраётган шу каби масалаларга алоҳида тўхталди. Ҳар бир ҳолатни “нуқта вергулигача” тушунтириб, кўздан кечириш жараёни аниқ, пухта ва инкор этиб бўлмас далилларга асосланган бўлиши зарурлигини таъкидлади. Шу каби, ҳам прокуратура ҳам ИИО тизими тергов органида ишлаган мутахассис сифатида ходимларнинг шахсий сифатларига ҳам тўхталди ва у қандай бўлиши кераклиги тўғрисида “маҳорат дарси” ўтди.

Жумладан, “терговчиларда нафақат билим, балки, фаҳм-фаросат ва мантиқ илмида ҳам юқори бўлиши, тергов иши худди рассомнинг энг яхши асаридек асар бўлиши, бир сўз билан айтганда терговчилар бу - тизим «заргарлари» бўлиши керак, -деди Алишер Шарафутдинов.

Шунингдек, терговчи қонун ва кодекслар, халқаро ҳуқуқий нормалар конвенцияларни ҳам ўзлаштириши орқали сиёсий муҳитдан хабардор бўлиши, бундан ташқари жиноятларни келтириб чиқарган сабабларни ўрганиб, уларни бартараф қилиш бўйича аниқ таклифлар бериши зарурлиги ҳар бир терговчи қайд этиб қўйишини айтди.

Шу каби, истеъфодаги генерал-майор Сайфулла Асадов сўзга чиқиб, мавзу юзасидан фикр билдирди ва 27 йиллик тергов фаолиятида бўлган амалиётлардан мисоллар келтирган бўлса, вилоят прокурори 1-ўринбосари Абдуҳамид Камилов ҳам ўзининг Тошкент вилоятидаги 3 йиллик фаолияти давомидаги терговчилар ишларидаги хато-камчиликлар ва ютуқларига тўхталди.

Учрашув давомида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Алишер Шарафутдиновнинг терговчилар учун “Кўздан кечириш тергов ҳаракатини ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби” номли ўқув қўлланма китоби тақдимоти қилинди. Қўлланма тўғрисида тадбир қатнашчиларининг ижобий фикр-мулоҳазалари тингланди ва китоб дастлаб залдаги қатнашчи терговчиларга тарқатилди. Шунингдек, қўлланмани шаҳар-тумандаги ҳар икки тизим терговчиларига етказиш топшириғи берилди.

Тадбир якунида, ташкилотчилар фахрий устозларга ўз миннатдорчиликларини билдириб, учрашув терговчилар учун манфаатли бўлганини, устоз-шогирд анъаналари давомли бўлиши иш самарадорлигининг ошишига хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech