14 Феврал 2025 йил 387

Telegramʼда ташкил этилган катта «фирибгарлик» фош этилди

Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва Оҳангарон шаҳар Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Telegram ижтимоий тармоғида «Алишер Усмонов акцияси» номли 200 дан ортиқ гуруҳ очиб, фуқароларни «Акцияда 20 миллион сўм мукофотига эга бўлдингиз» каби сўзлар билан алдаб, пул маблағларини ўзлаштираётган 7 нафар шахс қўлга олинди.

Маълум бўлишича, Оҳангарон шаҳарида яшовчи 25 ёшли (Ш.Б.) ўз хонадонида Фарғона вилоятида яшовчи 18-25 ёш орасидаги 6 нафар шахсларни жалб қилган ҳолда Telegram орқали «Алишер Усмонов акцияси» номи билан 200 дан ортиқ гуруҳ очиб, фаолият юритган.

Гуруҳда фуқароларга ютуқ чиққанлиги ҳақида ёлғон маълумотлар юборилиб, ютуқни олиш учун бадал пули талаб қилинган ва турли миқдордаги пул маблағларини бошқа шахслар номидаги банк карталарига тушириб ўзлаштирганликлари аниқланган.

Тадбир давомида мазкур хонадондан 4 дона компьютер, 11 дона телефон, Wи-Фи қурилмалари ҳамда турли банк карталари далилий ашё сифатида олинди.

Дастлабки суриштирувларга кўра, ушбу гуруҳнинг ҳар бир аъзосига алоҳида вазифа белгиланган. Бир шахс сохта чек тайёрлаб, гуруҳларни назорат қилса, бошқаси реклама тарқатиш ва гуруҳларга одам йиғиш билан шуғулланган.

Шунингдек, яна бири фуқаролар билан мулоқотга киришиш вазифасини бажарган бўлса бошқаси кунлик пул тушумларини банкоматлар орқали нақдлаштириш билан шуғулланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech