Telegram ва Instagramʼда ташкил этилган катта «фирибгарлик» фош этилди
Тошкент вилоятида ўтказилаётган «Хавфсиз кибермакон» тезкор-профилактика ойлиги доирасида «онлине кийим дўкони» ниқоби остида ташкил этилган «фирибгарлик» фош этилди.
Маълум бўлишича 4 нафар шахслар осон даромад орттириш мақсадида «Instagram» ҳамда «Telegram» тармоқлари орқали «эркаклар кийимлари савдоси» ниқоби остида сохта саҳифалар очиб, арзон нархларда маҳсулотлар таклиф қилганлар. Улар харидорлардан олдиндан пул ўтказишни сўраб, маблағларни бегоналарга тегишли банк карталарига туширишган ва шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб келганлар.
Мисол учун, жорий йил 11 июнь куни Тошкент туманида яшовчи фуқаро «Instagram» орқали уларга боғланиб, реклама қилинган кийимни сотиб олиш учун 1 миллион сўмни улар кўрсатган карта рақамига ўтказиб берган. Бироқ пул ўтказилгач, барча ёзишмалар ўчирилиб, мулоқот тўхтатилган.
Дастлабки тергов жараёнида аниқланишича, сўнгги бир ой давомида улар фуқароларнинг жами 279 та банк пластик карталаридан алдов йўли билан 101 миллион сўмдан ортиқ маблағларни қабул қилиб олишган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Шу ўринда Тошкент вилояти ИИББ фуқароларни яна бир бор огоҳликка чақиради.
Онлайн харидда шошилманг, олдиндан пул ўтказманг. Арзон эълонларга алданманг, фақат ишончли саҳифалардан фойдаланинг. Шубҳали ҳолатларда эса дарҳол ички ишлар органларига хабар беринг. Огоҳ бўлинг.