27 Январ 2025 йил 467

Телефон таъмирловчи уста мижоз тузатиш учун қолдириб кетган телефонидан пулларни ечиб олди

Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва Ангрен шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида устахонада қолдирилган телефон орқали ўзганинг пулларни ўғирлаган шахс аниқланиб, ушланди.

Ангрен шаҳрида яшовчи фуқаро ички ишлар бошқармасига мурожаат қилиб, ўзининг банк картасидан 9 млн сўм маблағ номаълум тарзда ечиб олинганини маълум қилган ва ушбу ҳолат юзасидан қонуний чора кўришни сўраган.

Олиб борилган тезкор суриштирувлар натижасида, мазкур ҳолатни Ангрен шаҳрида яшовчи, 31 ёшли С.С. содир этгани аниқланган.

Маълум бўлишича, жабрланувчи телефони носозлиги сабаб уни таъмирлаш учун уста (С.С.)га топширган. Телефон устаси сифатида фаолият юритувчи ушбу шахс телефонни таъмирлаш жараёнида ундаги мобил иловалар орқали банк картасига кириш имкониятини қўлга киритган.

Орадан вақт ўтиб у фуқаронинг ҳисобига тушган 9 млн сўмни ўзининг банк картасига ўтказган ва ўзлаштирилган маблағни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборилган.

Ҳозирда гумонланувчи (С.С.) процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech