18 Декабр 2021 йил 386

“Соғлом ва баркамол оила” республика спорт мусобақасининг Тошкент вилояти ғолиби аниқланди

Тошкент вилояти 3-сектор ҳудудида яшовчи оилалар ўртасида спорт мусобақаси бўлиб ўтди.

Аҳолини спортга қизиқтириш, ҳудудларда оммавий спортни ривожлантириш мақсадида республика 3-секторларида ИИВ соврини учун “Соғлом ва баркамол оила” шиори остида спорт мусобақалари бўлиб ўтмоқда.

Шу муносабат билан кеча, 17 декабрь куни Қибрай туманида Тошкент вилояти 3-секторда яшаётган оилалар ўртасида ҳам спорт мусобақалари ташкил этилди. Унда 22 та шаҳар-тумандан иштирок этган оилалар, стол тенниси, шашка ва шахмат ҳамда қувноқ стартлар бўйича беллашдилар.

Қизғин баҳсларга бой бўлган ўйинлар ҳакамлар томонидан баҳоланди. Якуний натижаларга кўра, учинчи ўринни Юқори Чирчиқ туманидан Курмашевлар (8 балл), иккинчи ўринни Чирчиқ шаҳридан Давлатовлар (9 балл) ҳамда биринчи ўрин ва республика йўлланмасини Чиноз туманидан Холбаевлар оиласи (11 балл) қўлга киритди.

Тадбир якунида ғолиб ва фаол иштирок этган оилалар вилоят ИИББ бошлиғининг фахрий ёрлиғи, ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech