«Соғлом авлод – хавфсиз жамият» тезкор-профилактик тадбири доирасида оғу тарқатувчи «закладчик»лар фош этилди
Юқори Чирчиқ тумани «Файзобод» маҳалласи ҳудудида вилоят ИИББ 2-минтақавий ҳудуд Патруль-пост хизмати ходимлари томонидан синтетик гиёҳвандлик воситаларини «закладка» усулида тарқатиб келаётган шахслар қўлга олинди. Давоми
Хизмат давомида шубҳали ҳаракат қилган 25 ёш атрофидаги икки шахс ходимлар эътиборини тортган. Фуқаро (Ж.М. ва Ж.А.)ларга тегишли «Оних» русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, транспорт воситасидан 530 дона турли ҳажм ва кўринишда қадоқланган синтетик гиёҳванд моддалар ҳамда кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланди.
Топилган моддалар ИИБ тезкор ходими иштирокида далилий ашё сифатида расмийлаштирилди. Маълум бўлишича, ушбу шахслар гиёҳвандлик воситаларини яширин жойларга («закладка» усулида) жойлаштириш мақсадида олиб келган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Эслатиб ўтамиз, гиёҳвандлик моддалари билан қонунга хилоф муомала қилиш 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.