Отам билан фахрланаман
Баҳор келиб, борлиқ яшилликка бурканган, одамларга яхшилик истаган диллар завқёб палла эди. Аммо она табиатнинг ана шундай гўзаллигига қарамасдан, қалбида ёвузлик унган бир гуруҳ террорчилар 2004 йилнинг 28-29 март кунлари Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида қўпорувчилик ҳаракатларини амалга оширгани ҳалигача ватандошларимиз қалбини ларзага солади.
Манфур кимсаларнинг жирканч хатти-ҳаракатлари оқибатида кўплаб бегуноҳ инсонлар, алалхусус, юрт равнақи ва унинг тинчлик-хотиржамлиги йўлида бор куч-ғайрати ва салоҳиятини аямайдиган забардаст йигитлар ҳам ҳаёт билан видолашди. Тошкент вилоятининг Паркент туманида дунёга келган милиция старшинаси Ваҳобиджон Нуриддинов ҳам халқ осойишталиги йўлида жонини нисор этган мардлардан бири эди.
Сафдошлари билан Қибрай туманидаги “Қорамурт” блок-постига хизматга юборилган Тошкент вилояти ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати баталёнининг сафарбарлик гуруҳи инспектори пойтахтимизда юз берган нохуш воқеалар боис анча сезгир ва ҳушёр эди. Транспорт воситаларини синчковлик билан текшираётган Ваҳобиджон “Тико”нинг салонини кўздан кечираётиб, хавфли қуроллар ва турли қўпорувчилик ашёларини яширин равишда шаҳарга олиб кираётган ғаламисларни аниқлайди. Сири фош бўлганлигини сезган манфур кимсалардан бири зудлик билан танасидаги портловчи мосламани ҳаракатга келтириб юборади. Ваҳобиджон ҳаётини қурбон қилиб бўлса-да, катта хатарнинг олдини олишга муносиб ҳисса қўшади.
Ўша машъум кунда уйдан чиқиб кетаётиб, негадир ўйчан ҳолатда ортига қайтди,-дейди турмуш ўртоғи Дилором Нуриддинова. Худди кўнгли бирор нарсани сезгандек, “ота-онам ва болаларимга яхшилаб қара” деганча, хизматга отланди. Ўша тобда фарзандларимнинг отасини охирги марта кўраётганлигим ҳечам хаёлимга келмаган эди.
Ўз бурчига содиқ қолган, она Ватанига, халқига меҳр-муҳаббат ва садоқат билан хизмат қилган мард ўғлоннинг ўлими ўзи туғилиб ўсган бутун Номданак қишлоғи учун оғир жудолик бўлди. Барча ёш-у қари кўзига ёш олиб, унга аза тутишди.
Бу фоний дунёда сирдош дўстингдан ажралишдан каттароқ фожиа бўлмаса керак,-дейди Ваҳобиджоннинг тенгдоши Зоир Темирбоев. Унинг ҳаётлик чоғларида эришган ютуқ ва муваффақиятлари биз учун ибрат бўлиб қолди.
Вафотидан сўнг мамлакатимиз Президентининг фармонига биноан, “Жасорат” медали билан мукофотланган Ваҳобиджон Нуриддиновнинг шарафли касбини ўғли давом эттирмоқда. Ҳозирда Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЙҲХБ видеокузатув гуруҳи инспектори лавозимида хизмат қилаётган сафдор Аброржон Жуманов отаси билан ҳақли равишда фахрланишини айтди.
Мен вазирлик ва давлатимиз раҳбариятидан беҳад миннатдорман,-дейди Аброржон. Чунки отамнинг касбини эгаллашим учун, дастлаб, ИИВ Ихтисослаштирилган мактаб-интернатига, сўнгра ички ишлар органларига имтиёзли равишда хизматга қабул қилиндим, эндиликда Ўзбекистон миллий университетида таҳсил олиш шарафига муяссар бўлдим.
Келажакда олий маълумотли офицер бўлишни мақсад қилган А. Жуманов устози, истеъфодаги подполковник Дилшод Юсуповдан соҳага оид билим ва кўникмаларни ўрганиб, бугунги кунда уларнинг барчасини амалиётда қўллаб келмоқда.
Оилада ҳам ўз ўрнига эга бўлган Аброржон турмуш ўртоғи Зиёдахон билан Амирхон исмли ўғлини тарбиялаб, вояга етказмоқда. Келажакда у ҳам отаси ва бобоси каби осойишталик посбони бўлишни ният қилган.
Михли САФАРОВ, ўз мухбиримиз. “Постда”