Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида ички ишлар органлари ҳарбий хизматчи аёллари ва ходималари ўртасида анъанавий тарзда «Тўмарис издошлари» Республика мусобақаси ўтказилди. Беллашувда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган жамоалар ўз истеъдоди, билим ва маҳоратларини намойиш этдилар.
Мусобақа танишув, ижодий чиқишлар, ҳарбий ва жисмоний тайёргарлик, билимдонлик ҳамда турмуш маҳорати каби қатор шартларни ўз ичига олди. Ҳар бир босқичда қизғин баҳс ва соғлом рақобат кузатилиб, иштирокчиларнинг тайёргарлиги ва маҳорати тадбирга ўзига хос руҳ бағишлади.
Алоҳида шартларда ҳам жамоаларнинг устунлиги яққол кўзга ташланди. Жумладан, Навоий вилояти ИИБ жамоаси қуролдан ўқ отишда, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ эса сузиш шартида етакчилик қилди. Хоразм вилояти ИИБ жамоаси «Эпчил, тежамкор ва ораста бека» йўналишида, Қашқадарё вилояти ИИБ эса билимдонликда алоҳида ажралиб турди.
Якуний натижаларга кўра, ИИВ Академияси мутлақ ғолиб деб топилди. Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ иккинчи ўринни, шунингдек Қашқадарё вилояти ИИБ ва Тошкент вилояти ИИББ жамоалари учинчи ўринни эгаллади.
«Тўмарис издошлари» мусобақаси хотин-қизларнинг касбий ва шахсий маҳоратини ошириш, соғлом рақобатни кучайтириш ҳамда уларнинг ички ишлар органларидаги фаолиятини қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.