22 Декабр 2021 йил 774

“Доим очиқлик ва шаффофликка тайёрмиз, фақат қонун ва мезон доирасида” –  ИИВ матбуот котиби билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди

Хабар берилганидек, бугун Тошкент вилояти ИИББда “Жамоатчилик билан ишлаш, ушбу йўналишдаги муаммо камчиликлар ечими юзасидан амалга оширилаётган ишлар” мавзусида Ички ишлар вазирининг матбуот котиби, полковник Шохрух Ғиёсов ҳамда журналист ва блогерлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Журналист, блогерлар, тадбиркор ва фуқаролар ҳамда вилоят ИИББ масъуллари иштирок этган учрашувда, соҳада олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилаётган камчиликлар очиқ муҳокама қилинди.

Жумладан, вилоят ИИО ходимлари ва фуқаролари билан содир бўлган турли ҳолатлар ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлгани, унда журналист ва блогерларнинг (виртуал) иштироки ҳамда жараённинг ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари тушунтирилди, фикр алмашилди.

Мулоқот давомида, Шохрух Ғиёсов сўнгги вақтларда ички ишлар органларида фаолият олиб бораётган ходимларнинг турли хатти-ҳаракатлари, яъни ўз хизмат вазифасига совуққонлиги ёки хизмат жараёнидаги ишини яхши билмаслиги натижасида жамоатчилик ўртасида муҳокамага сабаб бўлаётгани, бу борада улар ўртасида тўғри фикрни шакллантиришда ОАВнинг ўрни ва роли алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Шунингдек, сўнги вақтларда айрим “журналист ва блогерлар” ахборотни бир томонлама (иккинчи томондан изоҳ олмасдан) оммага эълон қилиши, кенг жамоатчиликда ноўрин фикр шаклланишига олиб келаётгани ҳақида алоҳида тўхталди ва тизим доимо очиқлик ва шаффофликка тайёрлигини, фақат барчаси қонун ва мезон доирасида бўлиши зарурлигини тушунтирди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб ва ҳуқуқий маслаҳат берилди.

Тадбир сўнгида матбуот котиби қатнашчиларга тизим билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаат қилишларини ва ваколати доирасида қонуний ечимига кўмаклашишини маълум қилди.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech