Тошкент вилояти ИИББ ходимлари томонидан пиротехника воситаларининг ноқонуний муомаласини олдини олишга қаратилган назорат-рейд тадбирлари давом этмоқда.
Навбатдаги ҳолатда Оҳангарон туманида тунги хизматга бириктирилган ЙПХ инспекторлари томонидан 1987 йилда туғилган ҳайдовчи (У.Б.) бошқарувида бўлган «Исузу» юк транспорт воситаси текширилган.
Натижада автомобилдаги юклар орасига яширилган ҳолда, қиймати 30 миллион сўмлик жами 2 900 дона пиротехника воситалари олиб ўтилаётганлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида олинган. Ҳозирда ҳолат бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз: пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси қонун билан тақиқланган ва бундай ҳаракатлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.