30 Январ 2025 йил 2181

«Энг яхши китобхон ходима» кўрик-танлови ва «Заковат» интеллектуал ўйини ташкил этилди

Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, хотин-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини, тафаккурини ва дунёқарашини кенгайтириш ҳамда ходимлар орасида фаол китобхонлар сафини кенгайтириш мақсадида Тошкент вилояти ички ишлар органларида «Энг яхши китобхон ходима» кўрик-танлови ўтказилди.

Танловда вилоят ички ишлар органларининг турли йўналишларида фаолият олиб бораётган 30 дан ортиқ ходима иштирок этди. Tанлов бир неча босқичдан иборат бўлиб, унда иштирокчиларнинг китоблар бўйича билимлари, ўқиган асарлардан олган хулосалари ва уларни амалий фаолиятга татбиқ эта олиш қобилиятлари синовдан ўтказилди. Ҳар бир босқичда ходимлар ўзларининг билимларини намойиш этиш билан бирга, ижодий ёндашув ва муҳокамаларда фаол иштирок этишди.

Танловнинг якуний натижалари асосида қуйидагилар ғолиб деб топилди:

1-ўрин: катта лейтенант Нигина Йўлдошева (ИИББ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси);
2-ўрин: подполковник Маҳфуза Сирожова (ИИББ Вояга етмаганларга ёрдам кўрсатиш маркази);
3-ўрин: лейтенант Лайло Дониёрова (Қибрай тумани ИИБ) қўлга киритди.

Шунингдек, жараёнда ходималарнинг интеллектуал билимлари синовдан ўтказилиб, ҳамкорликдаги ташкилотлар билан гуруҳлар ўртасида «Заковат» ўйини ташкил қилинди. Тадбир сўнгида ғолибларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди. Бу каби танловлар келгусида ҳам мунтазам ташкил этилиб, ходимларнинг маънавий ва интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг муҳим қисми бўлиб қолади.

Text to speech