“Намунали ҳуқуқ-тартибот маскани” кўрик танловининг ғолиблари эътироф этилди
Маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликни жиловлашда
амалга оширилаётган ишларни янада яхшилаш мақсадида ички ишлар, камбағалликни
қисқартириш ва бандлик, спорт ва ёшлар сиёсати вазирликлари ҳамда республика
маънавият ва маърифат маркази томонидан қўшма қарори имзоланган ва қарор
асосида “Намунали маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани” республика кўрик танлови
ташкил қилиниб, “маҳалла еттилиги”нинг фаолияти рағбатлантирилиб келинмоқда.
Жумладан, Олмалиқ шаҳрида “Намунали маҳалла
ҳуқуқ-тартибот маскани” кўрик танловнинг Тошкент вилояти босқичи ғолибларини
тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбирда вилоят ИИББ бошлиғи генерал-майор,
Тоҳир Арипов ҳамда вилоят сектор раҳбарлари, ҳамкорликдаги ташкилот
мутасаддилари ва бир гуруҳ меҳмонлар иштирок этди.
Танлов натижасига кўра, 1-ўринни Зангиота тумани маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани вакиллари қўлга киритган бўлса, 2-ўринни Юқори Чирчиқ тумани эгаллади ва фахрли 3-ўрин Олмалиқ шаҳар маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани вакилларига насиб қилди.
Ғолибларни ИИББ бошлиғи табриклаб, уларга эсдалик совғалари ва пул мукофотларини тантанали равишда топширди.
Шунингдек тадбир доирасида, энг фаол маҳалла фуқаролар йиғини раиси, хотин-қизлар фаоли, ҳоким ёрдамчиси ва ёшлар етакчиси, сектор раҳбарлари ҳамда патруль-пост хизмати инспектори ва йўл-патруль хизмати инспекторлари, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Тадбир сўнгида ИИВ 2-сонли Академик лицейи ўқувчиларининг чиқишлари ва санъаткорларнинг куй-қўшиқлари қатнашчиларига байрамона кайфият улашди.
ИИББ Ахборот хизмати