Мусобақа ғолиблари Самарқандга саёҳатга боришди
Жорий йилнинг апрель ойида волейбол бўйича мактаб ўқувчилари ўртасида “Ички ишлар вазири кубоги” мусобақаси Тошкент вилояти босқичи ўтказилиб, финал ўйини ғолиблари Самарқанд вилоятига саёҳат йўлланмасини қўлга киритгани ҳақида хабар берилган эди.
Куни кеча ғолиблар Тошкент вилояти ИИББ ташаббуси билан Самарқанд вилоятида бўлишди.
– Самарқанднинг ноёб меъморий обидалари ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳарда барпо этилган маданий-маърифий иншоотлар, сайилгоҳлар ва шаҳарда қад кўтараётган биноларни томоша қилар эканмиз, кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳар дея таъриф бериладиган Самарқанднинг ўтмиши қанчалик буюклигидан, кейинги йилларда бу эрда амалга оширилган ўзгаришлар унинг шуҳратини янада ошганлигига гувоҳ бўлдик, -дейди саёҳатга борга ўқувчилардан бири. – Асосийси, тарихи бой, келажаги буюк Ўзбекистонимизнинг фарзанди, юксак ақл-заковати ва бунёдкорлик салоҳияти билан дунёга машҳур аждодларнинг вориси эканимиздан фахрланамиз.
Бир сўз билан айтганда, саёҳатчилар навқирон Самарқанднинг қадимий тарихи ва мустақиллик йилларида барпо этилган бунёдкорлик мажмуалари тўғрисида катта таассуротларга эга бўлдилар.