Мактабда жанжални олдини олаётган ўқувчига жароҳат етказган шахсга жиноят иши очилди
Ижтимоий тармоқда “Тошкент туманидаги 18-мактабда ўқувчилар ўртасида оммавий жанжал” изоҳи билан видео хабар тарқатилди. Мазкур ҳолат Тошкент тумани ИИБ ходимлари томонидан ўрганилди.
Маълум бўлишича, 2021 йил 30 ноябрь куни соат тахминан 10:00 ларда Тошкент туманида жойлашган 9-мактаб спорт залида, туман ХТБга қарашли 18-мактаб ўқувчилари ва 31-мактаб ўқувчилари ўртасидаги баскетбол мусобақаси жараёнида ўзаро жанжал келиб чиққан.
Мусобақада кузатувчи бўлган 2001 йил туғилган С.А. спорт залда ўзаро жанжаллашаётган мактаб ўқувчиларини безорилик ҳаракатларини олдини олиш чорасини кўраётган, вояга етмаган 2004 йил туғилган Х.В. (18-мактаб ўқувчиси)ни (жамиятда юриш туриш қоидаларини қасддан менсимасдан) ҳеч бир сабабсиз юз соҳасига уриб тан жароҳати етказган.
Судга оид тиббий экспертизасига кўра, жабрланувчи Х.В. 6 кундан кўп, 21 кундан кўп бўлмаган муддатга бузилишига олиб келган соғлигини қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати олгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан 17-декабрь куни Тошкент тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан фуқаро С.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, ИИБ масъуллари томонидан кейинчалик мактабларда шу каби ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан мактаб раҳбарияти ва ўқувчилари иштирокида профилактик суҳбат ўтказилиб, ушбу ҳолат муҳокамага қўйилди. Жараёнда кузатувчи бўлган айрим ўқувчи ва мактаб ходимлари огоҳлантирилди.
ИИББ Ахборот хизмати