“Ота-онангизга минг раҳмат!” – Олмалиқда мактаб ўқувчилари жиноятнинг олдини олди
Жорий йилнинг 20 декабрь куни соат тахминан 20:30ларда 1983 йилда туғилган Ғ.Ю. Олмалиқ шаҳридаги буюм бозори яқинида ёлғиз кетаётган 20 яшар З.А. (аёл) нинг Самсунг телефонини қўлидан тортиб олиб, қочиб кетади.
Шу вақтда воқеага гувоҳ бўлган шаҳардаги "Бухоро мактаби" ўқувчилари – 16 ёшли Ҳасан Маҳаматов ва Шохруҳ Абдуҳакимовлар Ғ.Ю. нинг ортидан қувиб ушлашади ва бу ҳақда шаҳар ИИБга хабар қилишади. Натижада ўғирланган буюм эгасига қайтарилади.
Ўқувчиларнинг бу каби жасорати шаҳар ИИБ бошлиғининг эътиборидан четда қолмади. Улар ташаккурнома билан "Бухоро мактаби"га келиб, Ҳасан ва Шохруҳнинг жасоратларини эътироф қилинди ва ИИБ номидан ташаккурнома билан тақдирланди.
- Сиздек йигитлар бор экан, Ватанимиз, шаҳримиз тинчлик-осойишталиги янада мустаҳкам таъминланади, - деди шаҳар ИИБ бошлиғи, подполковник Жамолиддин Маназаров. - Довюраклигингиз, жасурлигингиз таҳсинга лойиқ. Ота-онангизга минг раҳмат!
Маълумот ўрнида: Ушланган (Бекобод шаҳрида яшовчи) Ғ.Ю. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, воқеада унинг бир нафар шериги ҳам бўлганлиги аниқланиб, у ҳам қўлга олинган.
ИИББ Ахборот хизмати