10 Феврал 2024 йил 11804

Машина шиналарини ечиб кетаётган гуруҳ ушланди

Жорий йилнинг 21 январь куни Янгийўл шаҳар ИИБга келиб тушган хабар асосида ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, тунги вақтда автомашина шиналарини яширин равишда ечиб, машиналарни ғиштларга ўтқазиб, шиналарни пуллаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди.

Маълум бўлишича, Янгийўл шаҳрида яшовчи 2001 йилда туғилган Б.И. тенгдоши Ж.А. ва шериги 1997 йилда туғилган Н.Н.лар билан биргаликда ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиб, Янгийўл шаҳри, Янгийўл ва Қуйи Чирчиқ туманларида ўнга яқин “Cobalt” автомашиналарининг шиналарни тунда келиб яширин равишда ечиб олиб, сотиб юборган ва пулларини шахсий эҳтиёжлари учун ишлатишган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида юқорида қайд этилган шахслар процессуал тартибда қўлга олиниб, ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “б” банди (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ИИББ Ахборот хизмати

Text to speech