30 Январ 2025 йил 991

Маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи, генерал-майор Тоҳир Арипов бошчилигида ўрганилди

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Тоҳир Арипов Ўрта Чирчиқ туманининг «Қорасув» маҳалласи ва Нурафшон шаҳридаги «Деҳқонобод» маҳаллаларида бўлиб, хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишларни ўрганди. Жараёнда туман ва шаҳар сектор раҳбарлари, «маҳалла еттилиги» аъзолари ҳамда бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

3-сектор раҳбари маҳаллаларда осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва фуқароларнинг тинч-тотув яшаш шароитини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишларни муҳокама қилди. Криминоген вазияти оғир бўлган ва «қизил» тоифага киритилган маҳаллаларга алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун махсус «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, масъул раҳбарлар бириктирилди. Шунингдек, «Намунали хавфсиз кўча» ва «Намунали хавфсиз йўлак» каби лойиҳалар жорий этилди, улар орқали маҳаллаларда тартиб-интизомни мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш асосий мақсад этиб белгиланди.

Тадбирда сектор раҳбарлари билан биргаликда жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Хусусан, бозорлар, жамоат жойлари ва кўчаларда видеокузатув камералари, сигнализация тизимлари ва «ташвиш тугмаси» каби замонавий технологияларни ўрнатиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Таъкидланганидек, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишда фуқароларнинг фаол иштироки ва маҳалла ташкилотлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ишларни муваффақиятли амалга ошириш учун барча масъул ташкилотлар ўртасида мунтазам мулоқот ва ҳамкорлик бўлиши зарур.

Амалга оширилаётган бу каби тадбирлар осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва халқ фаровонлигига, шунингдек, маҳалларда хавфсиз муҳитни яратишга хизмат қилади.

Text to speech