31 Январ 2024 йил 8099

Кўплаб фуқароларни чув туширган "фирибгар" ИИБ ходимлари томонидан ушланди

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида 15 нафар шахснинг ишончига кириб, уларни алдаб номига турли маркадаги жами 103 млн сўмлик телефон аппаратларини қарздорлик, яъни бўлиб тўлаш шарти эвазига расмийлаштиришга эришиб, ушбу воситаларни сотиб, пулини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган шахслар ушланди.

Маълум бўлишича, Қўйи Чирчиқ туманида яшовчи 38 ёшли фуқаро Янгийўл шаҳар ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. Фуқаро аризасида ўзини телефон савдоси билан шуғулланувчи сирдарёлик 22 ёшли Х.М. деб таништирган шахс, Янгийўл шаҳридаги маиший техника дўконидан номига телефон олиб берса эвазига ҳар бир телефон учун 300 минг сўмдан нақд пул беришини ва бўлиб тўлаш шарти билан олинган телефонларнинг қолган пулини 10 кун муддат ичида тўлаб беришини айтиб, уни ишонтиргани ва фуқаро ўзининг номига 24 млн сўмга 3 дона телефон олиб берганини маълум қилиб, ушбу шахсга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Янгийўл шаҳар ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, ушбу қилмишни 2002 й.т. Х.М. ва 1983 й.т. Р.Т. (аёл) содир қилганлиги аниқланиб, ушланди. Маълумотга кўра, ушбу шахслар юқорида келтирилгани каби яна 14 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларнинг номига турли маркадаги жами 103 млн сўмлик телефон аппаратларини расмийлаштиришига эришиб, телефонларни сотиб шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ушланган Х.М. ва Р.Т. га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Text to speech