Интернетда пулларингизни кўпайтириб берамиз деб фуқароларни алдаётган фирибгар қўлга олинди
У Telegramʼда 10 дан ортиқ сохта профиль очиб, одамларни «трейдинг» орқали даромад топишга ишонтирган ва пул маблағларини ўзлаштириб келган.
Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва Чиноз тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида «Telegram» мессенжери орқали фирибгарлик билан шуғулланиб келган шахс аниқланиб, ушланди.
Аниқланишича, Чиноз туманида яшовчи 33 ёшли фуқаро ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, «Telegram»да «Бунёдбек» номли профиль орқали онлайн даромад олиш ниятида 5 миллион 850 минг сўм пул ўтказганини ва алданганини билдириб қонуний чора кўришни сўраган.
Суриштирувлар давомида ушбу фирибгарликни Бухоро вилоятида яшовчи 20 ёшли йигит содир этгани аниқланган. У мессенжерда 10 дан ортиқ сохта профиль очиб, одамларни «трейдинг» орқали даромад топишга ишонтирган ва уларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.