22 Октябр 2025 йил 220

Интернетда арзон «iPhone»лар таклиф қилиб фуқаролар пулларини ўзлаштирган шахс қўлга олинди

Тошкент вилояти ИИББ «Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш» бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор-профилактик тадбир давомида «OLX» платформасида бир нечта профиль очиб, фирибгарлик билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинди.

Аниқланишича, Янгийўл туманида яшовчи, 2005 йилда туғилган фуқаро (И.Й.) «ОЛХ» платформасида сохта эълонлар жойлаштириб, «Telegram»да аёллар исм-шарифлари остида 10 га яқин аккаунт яратган. У ўзини бошқа шахс сифатида таништириб, «Ипҳоне» телефонларни арзон сотиш баҳонасида фуқаролардан олдиндан тўлов олган. Маблағларни бошқа шахсларга тегишли банк карталарига ўтказдириб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.

Ўтказилган тадбир жараёнида жиноят қуроли сифатида фойдаланилган банк карталари ва телефон рақамлари ашёвий далил сифатида олинган. Дастлабки тергов давомида Нурафшон, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Бўка, Қибрай ва Тошкент туманларида содир этилган 8 та шу каби жиноят айнан ушбу шахс томонидан амалга оширилгани фош этилди.

Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б, г» бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда Тошкент вилояти ИИББ аҳолини яна бир бор огоҳликка чақиради! Онлайн савдода олдиндан пул ўтказманг; Арзон эълон ва таклифларга ишонманг; Шубҳали ҳолатларда дарҳол ички ишлар органларига мурожаат қилинг. Огоҳ бўлинг!

Text to speech