Telegram ва Instagramʼда фуқароларга Кредит лимитини нақд пул қилиб беришни ваъда қилиб, фуқаролардан олинган жами 1 миллиард 32 миллион сўм пулларни ўзлаштирган аноним шахслар ИИББ Киберхавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ушланди.
Тошкент вилояти ИИББ Тезкор қидирув хизмати «Ахборот соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси» тезкор ходимлари томонидан Оҳангарон туманида яшовчи 2005 йилда туғилган фуқаро Б.Н. ва унинг уч нафар шериклари қўлга олинган.
Аниқланишича улар, Telegram мессенжери ҳамда Instagram ижтимоий тармоғида «лимитлаш хизмати» номли саҳифа очиб, фуқароларга микромолия ташкилотлари томонидан ажратилган кредит лимитларини нақдлаштириб беришни ваъда қилганлар.
Шу орқали гумондорлар ўзлари рўйхатдан ўтказган тадбиркорлик субъекти орқали онлайн савдо платформаларида фаолият юритиб, фуқаролардан олинган жами 1 миллиард 32 миллион сўм пул маблағларини алдов йўли билан ўзлаштирганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан ушланган шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда фуқароларга етказилган моддий зарарларни ундириш чоралари кўрилиб, дастлабки тергов ҳаракатларига киришилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти бўйлаб, ноябрь ойи давомида «Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги» эълон қилинган. Мазкур ойлик доирасида, Ахборот соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш ва кенг кўламли тарғибот тадбирлари кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида вилоятда содир этилган умумий жиноятларнинг 44 фоизини кибержиноятлар ташкил этмоқда.
Ушбу жиноятларнинг асосий қисми, зарарли ҳаволалар орқали банк карта ёки аккаунтни эгаллаб олиш, товар ва хизматлар учун олдиндан тўловни талаб қилувчи сохта битимлар, сохта крипто биржалар орқали фирибгарлик, ўзгалар номига онлайн кредит олиш, телефон қўнғироқлари орқали алдов йўли билан маблағларни ўғирлаш ҳолатлари ташкил этади.