ID-картага эга ҳайдовчилардан ҳайдовчилик гувоҳномасини кўрсатиш талаб этилмайди
"Ички ишлар органлари фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори (645-сон, 15.10.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 мартдан қуйидаги хизматлар ЯИДХП орқали электрон шаклда кўрсатилади:
- Ўзбекистонга чет давлат фуқаросини таклиф қилиш
- чет давлатда Ўзбекистон фуқаролигини тасдиқлаш бўйича тегишли ҳужжатлар ва маълумотномаларни олиш
- судланганлик (судланмаганлик) ҳақидаги маълумотларни олиш
- автотранспорт воситаларида тақиқ мавжудлигини текшириш
- жазони ижро этиш муассасалари ва манзил колонияларида сақланаётганларни уларнинг яқин қариндошлари билан учрашув вақтини белгилаш
Ҳайдовчининг ЙПХ инспекторига тақдим этиши лозим бўлган ҳужжатлари ёнида бўлмаган тақдирда, улар махсус планшет қурилмаси идентификация ID-картаси орқали текширилади.
Бунда, ID-картага эга фуқароларга тегишли транспорт воситаси ҳайдовчисидан қуйидагиларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади:
- янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси
- транспорт воситасини рўйхатдан ўтказганлик тўғрисидаги, транспортга эгалик қилиш, эгаси йўқлигида ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар
- транспорт эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси
Шунингдек, 2022 йил 1 февралгача суғурта шартномалари тўғрисидаги маълумотлар ягона ахборот тизимига тўлиқ киритилади.
Бундан ташқари, қарор билан ички ишлар органлари тизимига ахборот технологияларини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ҳам тасдиқланди.