13 Август 2025 йил 68

Ички ишлар тизимида рақамли трансформация бўйича семинар: Ягона ҳимояланган электрон ҳужжат айланиш тизими жорий этилмоқда

Мамлакатимизда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш, давлат бошқаруви тизимини самарали ва замонавий талаблар даражасида ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 августдаги «2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Ички ишлар вазирлигининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолиятига «ягона ҳимояланган электрон ҳужжат айланиш тизими»ни жорий этиш муҳим вазифалардан бири этиб белгиланган.

Шу мақсадда ИИВ ишчи гуруҳи томонадан Тошкент вилоятида ички ишлар органлари ходимларининг электрон ҳужжат айланиш тизими бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган ўқув семинари ўтказилди. Унда тизимни жорий этишдаги техник ва ташкилий механизмлар, ахборот хавфсизлиги сиёсатининг асосий талаблари ҳамда ягона ҳимояланган электрон ҳужжат айланиш тизимининг афзаллик ва қулайликлари тушунтирилди.

Семинар давомида ўтган даврда мазкур йўналишда амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, олдинда турган устувор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, ходимларнинг рақамли кўникмаларини ошириш ва ахборот хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур тизим нафақат ички ишлар органлари фаолиятини оптималлаштиради, балки давлат бошқарувида очиқлик, шаффофлик ва самарадорликни таъминлашга ҳамда ҳужжат алмашинувини хавфсиз, тезкор ва қулай қилиб, қоғоз ва бошқа ресурсларни тежашга хизмат қилади.

Рақамли технологиялар жорий этилиши орқали фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш ва уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш имконияти кенгаяди.

Text to speech