6 Ноябр 2025 йил 151

Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда 500 дан ортиқ фидойи ходим турли мукофотлар билан рағбатлантирилди

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармасида «25 октябрь – Ички ишлар органлари ходимлари куни» муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, соҳа фахрийлари, хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзолари ҳамда шахсий таркиб иштирок этди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев соҳа ходимларини касб байрами билан самимий табриклади. У ўз нутқида сўнгги йилларда ички ишлар тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг самараси ва ходимларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида сўз юритди. — «Ички ишлар органлари ходимлари юрт тинчлиги, фуқаролар осойишталиги ва қонун устуворлигини таъминлашда фидойилик билан хизмат қилмоқдалар. Сизларнинг садоқатингиз, ватанпарварлигингиз ва ҳалоллигингиз — халқ ишончининг мустаҳкам пойдеворидир,» — деди вилоят ҳокими ўз табригида.

Байрам тадбирида Президент фармонига асосан «Шуҳрат» медали билан мукофотланган подполковник Дилшод Ҳасанов ҳамда «Содиқ хизматлари учун» медали билан тақдирланган катта сержант Туйчибой Шамалов тантанали равишда табрикланди. Шунингдек, хизмат бурчини виждонан адо этиб, ўз фаолиятида юқори натижаларга эришган ходимлар орасида «Энг яхши соҳавий хизмат ходими — 2025» номинацияси ғолиблари аниқланиб, улар вилоят ҳокими томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирда вилоят ИИББ бошлиғи, полковник Абдувосит Абдуразаков Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг, 25 нафар ходимга ИИВнинг идоравий кўкрак нишонлари, икки нафар ходимга эса муддатидан аввал берилган махсус унвонлар топширилди.

Шунингдек, узоқ йиллар давомида ички ишлар тизимида ҳалол ва фидокорона хизмат қилган раҳбар ходим тантанали тарзда пенсияга кузатилди. Унинг кўп йиллик меҳнати, соҳа ривожига қўшган ҳиссаси ва ёш кадрларни тайёрлашдаги ўрни юксак эътироф этилди. Шу билан бирга, ҳозирда ҳам тизим фаолиятига ўз тажрибаси билан кўмак бериб келаётган икки нафар фахрий пенционер ходим ҳам мукофот билан тақдирланди.

Хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларига эсдалик совғалари топширилиб, яқинларининг фидойилиги ва жасорати чуқур эҳтиром билан ёдга олинди.

Тадбир якунида вилоят ИИББ бошлиғининг буйруғига асосан, 500 нафардан ортиқ ходим моддий рағбатлантирилгани эълон қилинди. Байрам тантанаси ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлар ва бадиий чиқишлар билан давом этди.

Text to speech