Тошкент вилоятида ўтказилаётган «Хавфсиз ҳудуд» тезкор профилактик тадбири доирасида Бош бошқарма Тезкор қидирув хизмати, Бўстонлиқ шаҳар ички ишлар бошқармаси ва ДХХ ҳудудий бўлинмаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбири давомида 1994 йилда туғилган фуқаро Э.З. ва унинг тенгдоши Х.Қ. қўлга олинди.
Ушбу шахслар автомашина эшигининг ички қисмида хуфиёна тарзда яширилган 760 дона турли ном ва кўринишдаги, кучли таъсир қилувчи дори воситаларини олиб кетаётган вақтда далилий ашё билан ушланган. Қора бозордаги тахминий қиймати 10 минг АҚШ долларидан ошувчи мазкур дори воситаларини Бўстонлиқ тумани ҳудудига олиб ўтиш мақсадида олиб келганликлари аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Эслатиб ўтамиз, гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари билан ноқонуний муомала қилиш 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.