11 Сентябр 2025 йил 224

Хавфсиз маҳалла сари қадам — «Кимёгар» маҳалласи мисолида

Чирчиқ шаҳридаги қизил тоифага кирган «Кимёгар» маҳалласида жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Тошкент вилояти ИИББ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи, маҳаллага бириктирилган ҳолда жойига чиқиб, «маҳалла еттилиги» билан ҳамкорликда хонадонбай хатлов ўтказди. Давоми

Амалга оширилган чоралар натижасида, 11 та савдо дўкони ва 3 та овқатланиш шохобчасига кузатув камералари ўрнатилди. 15 та объект қўриқлаш хизмати «ташвиш тугмалари»га уланди. Аҳоли гавжум жойларга 2 та замонавий видеокамера ўрнатилиб, вилоят ИИББ марказий тизимига интеграция қилинди. 108 та хонадон эгаси қўриқлаш хизмати хизматидан фойдаланиш учун мурожаат қилди.

Маҳаллада ижтимоий масалаларга ҳам эътибор қаратилиб, 71 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди, хорижда меҳнат миграциясида бўлган 94 нафар фуқаро яшаш манзилига қайтарилди. Ҳуқуқбузарликка мойил шахслар рўйхатга олиниб, уларнинг ҳар бири фуқаробай ўрганилди. «Маҳалла еттилиги»га 74 нафар фуқаро бўйича хулосалар тақдим этилиб, ижроси назоратга олинди.

Яна бир жиҳат, аҳолининг мурожаатлари тезкор кўриб чиқилаётгани боис, мурожаатлар сони қарийб 21 фоизга камайди.

Мазкур ташаббуслар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–1-сон қарорида белгиланган «Хавфсиз маҳалла» концепциясини ҳаётга татбиқ этиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўлидаги амалий натижалардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

Text to speech