«Хавфсиз кибермакон» – Ахборот маконида огоҳлик ва масъулиятни ошириш
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган «Хавфсиз кибермакон» тезкор-профилактик ойлиги доирасида Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик хизмати томонидан жамоат жойлари, давлат ва нодавлат ташкилотларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Мазкур тадбирларнинг асосий мақсади – фуқароларнинг кибермаданиятини ошириш ва кибергигиена кўникмаларини шакллантиришдан иборат. Учрашувларда кибержиноятчиларнинг кенг тарқалган усуллари, фирибгарлик схемалари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидалари ҳамда онлайн тўловлар ва ижтимоий тармоқлардан хавфсиз фойдаланиш ҳақида тушунтиришлар берилмоқда.
Мутахассислар аҳолига шахсий банк карталари ва СМС-кодларни бегоналарга бермаслик, фақат ишончли платформалардан фойдаланиш, шубҳали ҳаволаларга босмаслик ва қурилмаларда антивирус дастурларини янгилаб туришни қатъий тавсия қилмоқда.
«Хавфсиз кибермакон» ойлиги фуқароларни ахборот хуружлари ва интернет фирибгарликларидан огоҳлантириш, уларнинг онгида масъулиятли интернет маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ барча фуқароларни ҳушёрликка ва шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга чорлайди.